Ўзбекистон делегациясининг навбатдаги учрашуви Польша Республикасининг Ополе шаҳри полицияси вакиллари билан бўлиб ўтди. Учрашувда Полиция бошқармаси бўлимининг бошлиғи Христоф Адамс ва сержант Мариола Липинска иштирок этиб, ННТ вакилларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб беришди. Суҳбат давомида асосий эътибор Польшада зўравонликка учраган аёлларга кўрсатиладиган ёрдам ва полициянинг бу жараёндаги ўрнига қаратилди.

Польшада оилада зўравонлик давлат томонидан қатъий назорат қилинади. Полиция қурбонларни ҳимоя қилиш, уларга тезкор ёрдам кўрсатиш ва зўравонликни олдини олиш учун бир қатор қонуний механизмлардан фойдаланади.

1. “Niebieska Karta” (Кўк Карта) — асосий ҳимоя тизими

Зўравонлик ёки унга шубҳа мавжуд бўлса, полиция ҳодиса жойига етиб бориб ҳолатни баҳолайди ва зарурат туғилса, “Niebieska Karta” процедурасини бошлайди. Бу жараённи қурбоннинг ўзи эмас, балки полиция, шифокор, ўқитувчи ёки ижтимоий хизмат ходими ҳам бошлаши мумкин.
Қурбонга “Card B” номли ахборот варағи берилади. Унда:
аёлнинг ҳуқуқлари,
ҳимоя механизмлари,
психологик ва ҳуқуқий ёрдам линиялари,
хавфдан чиқиш режаси ҳақида маълумотлар жой олган.

2. Зўравонни уйдан чиқариш ва яқинлашишни тақиқлаш
Полиция зўравонни дарҳол уйдан чиқариш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин. Бу қурбоннинг хавфсизлигини таъминлаш учун амалга оширилади. Зўравонга 14 кунлик ҳимоя ордери берилиб, суд қарор билан бу муддатни узайтириши мумкин. Шунингдек, унга қурбон билан алоқа қилиш, уйга яқинлашиш ёки кириш қатъиян тақиқланади.

3. Фавқулодда ҳолатларда тезкор ёрдам
Аёл ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида бўлса, полиция:
зудлик билан муҳофаза чораларини кўради,
тез тиббий ёрдам чақиришга кўмаклашади,
болалар хавф остида бўлса, уларни ҳимояга олади,
зарурат туғилса, қурбонни вақтинча паноҳгоҳга жойлаштиришда ёрдам беради.

4. Ҳуқуқий ва психологик ёрдам марказларига йўналтириш
Полиция зўравонликка учраган аёлларни махсус ёрдам марказларига йўналтиради:
📞 Niebieska Linia — миллий кризис қўнғироқ маркази 800 120 002. Унда
психологик, ҳуқуқий маслаҳат ва тезкор қўллаб-қувватлаш имконини беради

📞 Centrum Praw Kobiet — Аёллар ҳуқуқлари маркази. 600 07 07 17
24/7 юридик, психологик ва ижтимоий ёрдам.

5. Қўшимча ҳуқуқий кўмак
Полиция қурбонларга:
ариза расмийлаштиришда,
далиллар йиғишда,
тиббий экспертизага йўналтиришда,
ижтимоий хизматлар билан боғлашда амалий ёрдам кўрсатади.
Учрашувда таъкидланганидек, Польша полицияси аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилишда муҳим роль ўйнайди. Улар:
тезкор ва самарали ҳаракат қилади,
“Niebieska Karta” орқали расмий ҳимояни ишга туширади,
зўравонни уйдан чиқариши ва яқинлашишни тақиқлаши мумкин,
қурбонни психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам марказларига улайди.
Польша тажрибаси делегация учун зўравонликка қарши курашда полиция ва ижтимоий хизматлар ўртасидаги ҳамкорликнинг самарадорлигини намойиш этди. P/S. Stady tur HumanDoc Фонди ва Фарғона вилояти «Меҳржон» маркази ҳамкорлигида ташкил этилди. Дастур Польша–Америка Эркинлик Жамғармаси томонидан қўллаб-қувватланади ва «Лидеры Перемен» Фонди ҳамда «Боруссия» Фонди билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Мақсад — Польшада аёлларга нисбатан зўравонлик ва оилавий зўравонликка қарши курашиш тизими билан танишиш, илғор амалиёт ва секторлараро ҳамкорлик моделларини ўрганиш.

Мавзуга оид